Флорида штатининг собиқ губернатори Жеб Буш 15 июнь куни АҚШ президентлиги учун сайловга ўз номзодини кўрсатишини расман маълум қилади.

У ўзининг твиттери орқали сайловолди кампанияси логотипини намойиш қилган.

CNN телеканалига берган интервьюсида у ўзидаги етакчилик хусусиятлари сайловолди кампаниясида иш беришига ишониши ҳақида гапирган.

Қайд этиш жоизки, республикачи Жеб Буш 2016 йилнинг ноябрида ўтадиган сайловда ғалаба қозонадиган бўлса, бу АҚШ тарихида бир оиланинг 3 вакили мамлакатда президентлик қилиши билан боғлиқ ягона ҳолатга айланади.

Кичик Жорж Бушнинг укаси Жеб Буш 1953 йилда Техасда туғилган. 1980—1990 йилларда у Флорида штатида сиёсий карьерасини олиб борган. 1999 йилда штат губернаторига айланиб, 2007 йилгача ушбу лавозимда ишлаган.