Латвия ҳукумати Россияга латиш шпротларининг олиб кирилишига қиритилган тақиқловга жавоб чораси қабул қилишни режалаштирмоқда. BaltNews.lv порталининг хабар беришича, Латвияга Россия ароғининг киритилиши тақиқлаб қўйилиши эҳтимоли мавжуд. Ҳосил бўлган бўшлиқни эса маҳаллий ликёр-ароқ комбинати Latvijas balzams бажонидил эгаллаши айтилмоқда.

Латвия сейми депутати Карлис Шадурскиснинг айтишича, Латвия масъул хизматлари Россия маҳсулотларини “зарарли моддалар” борлигига яхшилаб текширишлари лозим. Унинг сўзларича, уларда зарарли моддалар бўлиши мумкин. Жумладан, Россия томонидан Латвияга олиб кириладиган ароқ маҳсулотида “соғлиқ учун бензопирен каби зарарли бўлган” этанол спирти бор. Депутат Россия ароғининг импорт қилинишини ман қилишни талаб қилмоқда.

Шадурскис Латвия шпротининг Россияга олиб кирилишига тақиқлов сиёсий сабаблар туфайли амалга оширилганига ишончи комиллигини айтмоқда. Шпротларга эмбарго шпрот маҳсулотида канцероген бензопиреннинг меъёридан ортиқлиги сабабли 4 июндан бошлаб амал қилишни бошлади. Оқибатда Латвия балиқ консервалаш заводлари юзлаб ходимларини ишдан бўшатишга мажбур бўлди, соҳа уюшмаси йилига 100 млн евролаб зарар кўрилишини айтмоқда.
Россия ароғининг тақиқланишидан Юрий Шефлер ва унинг Latvijas balzams ликёр-ароқ комбинати каттагина фойд қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулот билан тақиқланган маҳсулотнинг ўрнини бемалол қоплаш мумкин.
Бироқ қизиғи, ушбу корхона ароқ маҳсулотини Россиядан олиб кириладиган спирт ва Латвиядаги сув билан аралаштириб олади. Кўринишича, иш барибир Россиясиз битмайдиганга ўхшайди.