Миржалол Қосимов устозлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентдаги йиғинни якунига етказди. Жамоа Пхеньянга жўнаб кетиш олдидан «Жар» стадионида сўнгги машғулотини ўтказди.

Машғулот якунига етгач, терма жамоамиз етакчиларидан бири Одил Аҳмедов журналистларга интервью берган.

«Олдинда бизни Шимолий Корея термасига қарши ўтадиган жуда қийин баҳс кутиб турибди. КХДР – қитъада ўз нуфузига эга термалардан бири саналади. Ишончим комилки, мазкур беллашув анчагина қийин кечади. Лекин бизнинг мақсадимиз доимгидек фақат ғалаба қозонишдан иборат. Бунга барча имкониятларимиз етарли, деб ўйлайман.

Қолаверса, Тошкентда олиб борган йиғинимиз орқали бўлажак учрашувга етарли даражада ҳозирлик кўриш имконига эга бўлдик. Эрон термасига қарши ўртоқлик ўйини ҳам ташкил этилди. Кўриниб турганидек, тайёргарлик жараёни яхши кечди. Энди биздан КХДР билан бўладиган учрашувда ўзимизни кўрсатиш ва ортга ғалаба билан қайтиш талаб этилади. Насиб этса, бу вазифани уддалаймиз.

Қитъамизда Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари форматига ўзгартириш киритилди. Билмадим, бу яхшими ёки ёмон. Балким, икки хилдаги йирик турнир саналадиган Осиё кубоги ҳамда Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари аввалгидек алоҳида тарзда кечгани маъқулмиди. Аммо шундай қарорга келиб бўлинди ва энди уни ўзгартириб бўлмайди. Биз эса янгича форматга кўникиб, саралашни муваффақиятли ўтказишимиз лозим.

Шу пайтга қадар миллий терма жамоамизга Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун доим нимадир етмай қоларди. Насиб этса, бу гал барчаси бошқача бўлади ва Ўзбекистон ҳам мундиалда иштирок этиш имконига эга бўлади. Биз бунинг учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз», дейди Аҳмедов.