Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

ЎзАнинг ёзишича, бир қатор вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг Самарқанд вилоятидаги ижросини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд вилоятида муайян ишлар олиб борилмоқда. ОИВ инфекциясини юқтирганларга вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, юқумли касалликлар шифохонаси, силга қарши курашиш, онкология ҳамда тери-таносил касалликлари диспансерларида, шунингдек, шаҳар ва туманлардаги тиббиёт бирлашмаларида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш ҳамда касалликни дастлабки босқичида аниқлаш мақсадида, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, қон қуйиш маркази, Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Иштихон ва Нарпай туманлари тиббиёт бирлашмалари ҳузурида туманлараро ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораториялари фаолият кўрсатмоқда.

«Қонун ижросини ўрганиш натижалари ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди», дейди халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Салоҳиддин Санақулов.

Мажлисда жойларда ОИВ инфекцияси профилактикаси бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни кучайтириш ва аҳолининг хабардорлигини ошириш, никоҳланувчи шахслар ўртасида касаллик тарқалишининг олдини олиш, доимий яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетган ва қайтиб келган фуқароларнинг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш каби масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.