14 июнга ўтар кечаси Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида рўй берган сув тошқинлари оқибатида Тбилиси ҳайвонот боғидаги 300дан ортиқ жонзот нобуд бўлди. Ҳайвонат боғида жами 600дан кўпроқ жонзот сақланган.

Улардан бир қисми тошқин пайтида қафас ичида ҳалок бўлган, қочишга муваффақ бўлган бир қисм йиртқичлар эса Грузия махсус хизматлари томонидан хавфсизлик нуқтаи назаридан отиб ўлдирилган.

“Ҳайвонот боғида 600дан кўпроқ жонзот бор эди, уларнинг ярмидан кўпи нобуд бўлди. Қочиб кетган ҳайвонлардан бир қисми отиб ўлдирилди, бир қисми эса махсус хавфсиз жойга кўчирилди. Айни пайтда тозалаш ишлари олиб борилмоқда”, деб айтмоқда хайвонат боғи маъмурияти.

Аввалроқ хайвонат боғи директори Зураб Гуриелидзе махсус хизматлар жангчилари томонидан кўплаб ҳайвонларнинг ўлдирилиши ҳеч қандай заруратсиз амалга оширилган бўлиши мумкинлиги айтган эди. Гуриелидзе ушбу ҳолат юзасидан тафтиш ўтказишни талаб қилмоқда.