Май ва июнь ойларида Тошкентдаги театрлар репертуари кўплаб янги спектакллар билан бойиди. Якунланаётган мавсум премьералари ҳақида “САБО” газетаси маълумот берган.

Ўзбек миллий академик драма театрида Иззат Султоннинг “Имон” спектакли саҳналаштирилди. Дастлаб асарни 1960 йили режиссёр Анатолий Қобулов ва Қудрат Хўжаев саҳналаштирган. Спектаклнинг янги талқинига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Азимов режиссёрлик қилган бўлса, асарни Аҳмаджон Мелибоев замон руҳига мослаб таҳрир қилди. Бош қаҳрамон профессор Йўлдош Комилов ролини Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ижро этган. Ижодкорлар драма қандай бўлса шундайлигича саҳналаштирмасдан, ҳозирги замон руҳини сингдиришди.

Миллий театрда Қўчқор Норқобил асари асосида Нодира Маҳмудованинг табиатни асраш мавзусидаги “Заминдан олис кетма” номли спектакль ҳам саҳналаштирилди.

Муқимий номидаги мусиқали драма театрида режиссёр Аҳад Фармонов “Олифта” спектаклини саҳналаштирган. Асосан комедик саҳналарга бой бўлган воқеалар замирида ижодкорлар одамлардаги зиқналик, ўзгалар фикрига беписандлик, манманлик каби иллатларни танқид остига олишган.

Ўзбекисон санъат арбоби Бахтиёр Тўраевнинг режиссёрлик иши ҳам Муқимий номидаги мусиқали драма театрида тақдим қилинди. Ҳалима Аҳмедова асари асосидаги “Юрагимни алмаштираман” спектаклида одамлардаги юракни алмаштириш ва шу билан оламни тозалаш тўғрисидаги фантастик фикрлар ўрин олган.

Ўзбек давлат драма театрида Шуҳрат Қаҳҳор қаламига мансуб “Илҳақ” спектакли саҳналаштирилганига ҳеч қанча бўлгани йўқ. Спектаклни кино оламида анча тажрибага эга ва бир қатор фильмлари билан томошабинларга таниш бўлган Жаҳонгир Аҳмедов саҳналаштирган. Спектакль воқеалари қариялар уйида бўлиб ўтади. Унда қариялар уйига одамларнинг қандай келиб қолгани, ҳар бирининг тақдир йўли тасвирланади.

Ушбу театрнинг таниқли актёрларидан бири Баҳодир Мирмақсудовнинг учинчи режиссёрлик иши драматург Шароф Бошбековнинг “Чароғбонлар” асари бўлди. Асар ёшлар учун мўлжалланган. Спектаклда бош ролни актриса Жумагул Ўлмасова ўйнаган.