Украина ва Саудия Арабистони ҳамкорлигида ишлаб чиқариладиган Ан-132 юк ташувчи самолётининг биринчи намунаси 2016 йилнинг охирига қадар чиқарилади. Бу ҳақда “Антонов” давлат корхонаси бош конструктори Дмитрий Кива Paris Air Show 2015 халқаро аэрокосмик салони чоғида маълум қилди.

“Бу самолётни биз 2016 йил охирига қадар ишлаб чиқарамиз, бизда аниқ дастур бор, бу шартномада назарда тутилган. Самолёт Киев ва Саудия Арабистонидаги заводларда терилади; шунингдек, Украинанинг бошқа корхоналари, жумладан, Харьков заводи ишга жалб қилиниши мумкин”, – унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Киванинг сўзларига қараганда, Ан-32нинг такомиллашган версияси бўлмиш Ан-132 қумли аэродромларда ҳам қўлланиши мумкин бўлади. Шунингдек, унинг узоққа учиши икки баробарга кўпайтирилгани, ёқилғи самарадорлиги оширилгани айтилди.