2015 йилнинг декабрида National Ceramics Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси Ўзбекистон ҳудудида сирли сопол-гранит ва сопол плиткалар ишлаб чиқарувчи заводни ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ангрен махсус индустриал зонаси маъмурияти вакиллари маълум қилди.

Лойиҳанинг қиймати 21.1 млн долларни ташкил қилади. Корхонанинг лойиҳавий қуввати йилига 4.5 млн м квадрат маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Лойиҳа қўшма корхона муассисларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, Италиянинг SACMI корхонаси билан янги ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар етказиб бериш борасида шартнома имзоланди.

National Ceramics’нинг ҳаммуассислари Хитойнинг Gulf Cable (90 фоиз) ва бир қатор ўзбекистонлик жисмоний шахслардир (10 фоиз). Бунга қадар корхона томонидан Навоий махсус индустриал зонасида Navoi Cable Connector корхонасини ташкил этган бўлиб, айни кунларда у алюминийдан ва алюминий қотишмасидан электротехник симлар ишлаб чиқариш бўйича 5.95 млн долларлик лойиҳани амалга оширмоқда.