АҚШлик миллиардер, республикачи Дональд Трамп 16 июнь куни ўзининг номзодини АҚШ президенти лавозимига сайловларга қўйишини эълон қилди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар бермоқда.

“Хонимлар ва жаноблар, мен АҚШ президенти курсиси учун пойгада иштирок этишимни расман эълон қиламан. Биз мамлакатимизни яна буюк қилишга бел боғлаяпмиз”, деб айтди Трамп Нью-Йоркдаги ўзига тегишли Трамп-тауэр биносида йиғилганларга мурожаат қилиб. Шу билан тадбиркор ўзининг бўлғуси президентлик кампаниясининг “Американи яна буюк қилиш” деган шиорини ҳам билдириб ўтди.

Бундан аввал Трамп ўзининг инстаграмдаги саҳифасида Кичик Жорж Буш ва унинг укаси, АҚШ президенти лавозимига ўз номзодини қўйганини эълон қилган Жеб Бушнинг фотосуратини қуйидаги сўзлар билан чоп этди: “Наҳотки Оқ уйда яна битта Буш керак бўлса? Улар бизларга етарлик қилади”.

Трамп 20 йилдан бери президентлик сайловларида қатнашиш ғоясини ўйлаб юрган.

Миллиардернинг сайлов кампанияси ходимлари Трампнинг бу қарори туфайли кейинроқ унинг молиявий аҳволи ҳақидаги маълумотларни чоп этишларини маълум қилди.