Украина президенти Пётр Порошенконинг Россия томонидан Украинага тақдим қилинган 3 млрд доллар Януковичга берилган “пора” деб айтган гапларидан кейин Кремлда Украина Россия олдидаги мажбуриятларни, шу жумладан молиявий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш-тортмаслиги бўйича тушунтириш бериб ўтишни талаб қилишди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Биз бундай гапларни эшитганда, биринчи навбатда қандайдир тушунтиришларни кутиб қоламиз – ҳозирги Украина ҳукумати Украинанинг, халқаро, жумладан Россия олдидаги молиявий ва бошқа мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш-тортмаслигини билишни истаймиз. Бироқ ҳозирча биз бу саволимизга жавоб олмадик ва тўғрисини айтганда, Порошенконинг бу гаплари бу саволга жавобми ёки йўқми, буни айтишга қийналаяпман”, деб айтди Песков.

Аввалроқ Украина президенти Пётр Порошенко Россия томонидан Украинага тақдим қилинган 3 млрд долларлик кредит Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичга берилган пора деб ҳисоблашини айтган эди. Украина раҳбарининг фикрича, Янукович бу пулларни Украинанинг евроинтеграциядан воз кечиши эвазига олган.