НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг ядровий кучларини кучайтириш ҳақидаги қарорини танқид қилди.

“Россиянинг бу жанговор руҳдаги нутқи оқланмаган ва хавфлидир ҳамда барқарорсизлантирувчи аҳамият касб этади... Биз Президент Владимир Путиндан эшитган гаплар Россия етарлича узоқ вақтдан бери амал қилиб келаётган хатти-ҳаракатни тасдиқлайди”, деб айтди Столтенберг Брюсселдаги матбуот-анжуманида.

Столтенбергнинг айтишича, Шарқий Европа давлатларида НАТОнинг қўшимча кучларининг ёйилиши Россиянинг Украина атрофидаги ҳаракатлари сабабли амалга оширилган.

“Биз янги ўзгарган хавфсизлик архитектурасига, Россиянинг Украинадаги шиддатли хатти-ҳаракатига жавоб тариқасида альянснинг шарқий қисмидаги ҳарбий жойлашувимизни оширмоқдамиз”, деб қўшимча қилмоқда Столтенберг.

Столтенберг НАТОнинг барча ҳаракатлари альянснинг халқаро мажбуриятлари ва келишувларига тўлиқ мос келишини таъкидлаб ўтди.

16 июнь куни Владимир Путин “Армия-2015” халқаро ҳарбий-техник форумининг очилишида сўзлаган нутқида жорий йилда Россия ядровий кучлари таркиби исталган, ҳаттоки энг такомиллашган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини четлаб ўта оладиган 40 дан ортиқ қитъалараро баллистик ракеталар билан тўлдирилишини маълум қилган эди.