АҚШнинг гўзаллик учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Coty Inc. компанияси Procter & Gamble компаниясининг учта бизнеси, жумладан Wella брендини ўз ичига олган сочларни парваришлаш учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи бўлимини сотиш бўйича аукционни ютиб олди. Бу ҳақда The New York Post нашри хабар бермоқда.

Бундан ташқари, P&G компанияси MaxFactor ва CoverGirl брендларини ҳам сотувга қўйди. Дунёда истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи энг йирик компания бўлмиш P&G харажатларни камайтириш доирасида бир қатор активларини сотиб юборишга қарор қилди.

Манбаларнинг маълумотларига кўра, битим қиймати 12 млрд долларни ташкил қилиши мумкин.

16 июндаги дастлабки савдолар пайтида Coty акциялари нархи 15 фоизга, P&G ники 1,8 фоизга кўтарилиб кетди.

1904 йилда ташкил топган Coty компанияси германиялик Райманлар оиласига тегишли бўлиб, унинг бозор нархи 9,39 млрд долларни ташкил қилади.

Coty портфелига машҳур атир-упа, декоратив косметика ҳама тана ва терини парваришлаш маҳсулотлари киради. Компания 130 дан ортиқ давлатда сотиладиган Adidas, Calvin Klein, Chloe, Davidoff, Marc Jacobs, OPI, Philosophy, Playboy, Rimmel ва Sally Hansen брендлари остида маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Компаниянинг 2014 йил 30 июнда якунланган молиявий йилдаги соф даромади 4,6 млрд долларни ташкил қилган.