Россия президенти Владимир Путин 16 июнь куни “Армия-2015” халқаро ҳарбий-техника анжумани очилишида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Путин ҳарбий соҳадаги инновацион ишлармалар экспозициясини кўриб чиқади ва видеоконференц алоқа режимида илмий роталарда тайёргарлик ва ҳарбий хизматдан ўтаётган Н.Э.Бауман номидаги Москва Давлат техника университети ва Сибир федерал университети талабалари билан суҳбатлашади”, дейилади хабарда.

“Армия-2015” Биринчи халқаро ҳарбий-техник анжумани 16-19 июнь кунлари янги “Патриот” анжуман-кўргазмалар маркази базасида ўтказилади.

Президент матбуот хизматида маълум қилинганидек, Россия Мудофаа вазирлиги биринчи марта ҳарбий, ҳарбий-саноат ва илмий-ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритувчи хорижий ҳамкорларни жалб қилган ҳолда бундай миқёсдаги тадбирни ўтказмоқда. Бунда асосий эътибор илмий ҳамкорлик ва икки мақсадли янги ишланмаларга қаратилмоқда: 50та тематик кластерда Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг экипировка ва кийиниш тартибидан бошлаб тиббий ва аэрокоинот технологияларигача соҳаларидаги 5 мингга яқин турли ишланмалар намойиш этилади.

Анжуманнинг илмий-ишбилармонлик дастури доирасида 80га яқин брифинглар, давра суҳбатлари ва анжуманлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Уларда ҳарбий-техник ҳамкорликнинг асосий масалалари ва ривожланишнинг инновацион соҳасида илмий-техник асосни яратиш муҳокама қилинади.