Қирғизистонда Иккинчи жаҳон уруши пайтида қамалда қолган Ленинграддан Қирғизистонга эвакуация қилинган 150 нафар болани боқиб олган аёл – Токтогон Алтибасарова вафот этди. Шу муносабат билан Қирғизистон президенти Олмосбек Атамбаев Токтогон Алтибасарованинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари сайтида маълум қилинди.

“Токтогон Алтибасарова 16 ёшида Иккинчи жаҳон уруши пайтида қамалда қолган ленинградлик 150 нафар боланинг онасига айланди. У болаларга ғамхўрлик қилди ва уларга яқинлик ва илиқлик ҳисларини улашди. Токтогон-ая уларнинг оналарини ўрнини босди”, деб айтди Қирғизистон президенти.

Токтогон Алтибасарова Ленинграддан Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл вилоятига келган болаларни тақсимлаш билан шуғулланган. Урушдан кейин унинг тарбияланувчилари бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб кетишди.

Токтогон-ая ўзининг фронт қатнашчиси бўлган турмуш ўртоғи билан боқиб олган болалардан ташқари ўзининг 8 нафар фарзандини вояга етказган, улардан 23 набира ва 13 эвара кўрган. Бағрикенг ая ўзининг она қишлоғи – Иссиқ-кўл вилоятининг Курменти қишлоғида дафн этилди.