1977 йили Фарғона вилоятида туғилган Абдусамад Акбаров маст ҳолда уяли телефони ва пулларини йўқотиб, бу ўғриликда танишларидан бирини айблади. Аммо суриштирув ишлари натижасида унинг ёлғон гувоҳлик бергани аниқланди, натижада даъвогарнинг ўзи жавобгарликка тортилди.

“Огоҳ” нашрида ёзилишича, ичкиликка берилиб кетган Акбаров боши билан йиқилиб, қаттиқ жароҳат олган. Бунинг натижасида спиртли ичимлик ичганда тез кайфи ошиб, атрофда нималар бўлаётганини идрок қила олмайдиган ҳолга келиб қоладиган бўлган.
Бир куни у Қўйлиқ бозорида маст ҳолда таниши Абдурауф Рустамовни учратиб қолган. Рустамов унинг мастлигини кўриб, тезда салом-алик қилиб, йўлида давом этган.

Шундан сўнг Акбаров нималар хушини йўқотиб, ижарада турган уйида кайфи тарқагандан сўнг ўзига келган. Акбаров 70 минг сўмлик Kenex телефонининг ва 100 минг сўм нақд пулининг йўқолганини аниқлаган. Охирги эсда қолган одами Рустамов бўлгани боис, аламини ундан олишга қарор қилган ва ички ишларга мурожаат қилиб, Рустамов уни калтаклаб, моддий қимматликларини тортиб олгани ҳақида шикоят аризаси ёзиб топширган.

Аммо текширувлар бу ахборотни тасдиқламади. Ёлғон гувоҳлик берган шахснинг ўзи жавобгарликка тортилди.