Қозоғистонда АҚШ визалари ва паспортлари берилиши тўхтатилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz портали. Бу ҳақдаги хабар АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси сайтида жойлаштирилди.

Хабарда маълум қилинишича, дунё бўйлаб АҚШ элчихоналари паспорт ва виза тизимида техник муаммолар юз бермоқда ва бу муаммо қандайдир бир давлат, фуқароликни аниқловчи ҳужжат ёки виза тоифасига боғлиқ эмас.
“Биз қисқа фурсатларда бу муаммоларни бартараф этиш ва тизимимиз фаолиятини тиклаш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз”, дейилмоқда хабарда.

“Юқорида айтилган техник муаммолар туфайли АҚШнинг Остонадаги ва АҚШнинг Олма-отадаги бош консуллиги АҚШ визасини олиш учун 2015 йилнинг 9 июни ва ундан кейинроқ топширилган аризаларни қайта ишлай олмаяпти. 9 июнь ва ундан кейин ноиммиграцион визаларни олиш учун DS-160 анкетасини топширганлар ўзларининг интервьюларини бекор қилишлари лозим. Остонадаги элчихона ва Олма-отадаги консуллик ўз фаолиятини тўлиқ ҳажмда қайта бошлагандан кейин элчихона бу ҳақда маълум қилади”, деб таъкидланмоқда сайтда.

9 июнгача виза олиш учун анкеталарни тўлдирганлар белгиланган кун ва вақтда суҳбатлашиш учун келишлари лозим. Бироқ консуллик бўлимлари маъқулланган визаларни консуллик тизими тўлиқ тикланмагунга қадар босиб чиқариб бера олмаслиги айтилмоқда.

АҚШга виза олиш учун ариза берувчининг соғлиғига хавф туғдирувчи фавқулодда вазият, яқин қариндоши ўлими ёки бошқа гуманитар вазиятлар туфайли АҚШга зудлик билан бориши керак бўлган ариза берувчилар шошилинч суҳбатлашишга ариза бериш иснтрукцияларига амал қилишлари лозим.

АҚШ элчихонаси элчихона ва Бош консуллик томонидан 26 май ва ундан кейинроқ қабул қилинган паспорт анкеталари ҳам кечикиш билан қайта ишланиши ҳақида огоҳлантирди. Бу вақт мобайнида паспорт олиш учун мурожаат қилган ҳамда яқин 10 кун ичида АҚШга сафар уюштиришни режалаштираётган АҚШ фуқаролари вақтинчалик паспорт олиш учун ариза топширишлари мумкин.