2015 йили Россия армияси ихтиёридаги қуроллар сафига 40та янги қитъалараро баллистик ракеталар қўшилади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин “Армия-2015” халқаро ҳарбий-техник форум очилишидаги маърузасида айтиб ўтди.

“Жорий йилда ядровий кучлар таркибини 40та янги қитъалараро баллистик ракета тўлдиради. Улар ҳар қандай, ҳатто техник жиҳатдан энг мукаммал ракеталарга қарши мудофаа тизимларини енгиб ўта олади”, – унинг сўзларини келтиради Интерфакс.
Шунингдек, Россия етакчиси янги радиолокацион тизимнинг синовга тайёрланаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, жорий йилдан бошлаб шарқий йўналиш учун ҳам радиотармоқ яратила бошланади.
Путиннинг фикрича, форумда кўрсатилган ҳарбий роботлар ва тизимлар намуналари кўп жиҳатдан Россия қуролли кучлари келажагини белгилаб беради.