Россиялик бир гуруҳ футбол мухлислари терма жамоа бош мураббийи Фабио Капелло билан амалдаги шартномани муддатидан олдин бекор қилиш учун тўланадиган товон пулини хайрия йўли билан тўплашга киришди. Бу ҳақда «Интерфакс» ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

Манбанинг ёзишича, рус интернет фойдаланувчилари бунинг учун махсус Fabiogohome.Betfoot.Ru порталини ишга туширишган. Ҳар бир кўнгилли фойдаланувчи ҳар қандай миқдордаги суммани мазкур сайтда яратилган онлайн кассага юбориши мумкин.

«Ўйлаймизки, Россия футболи тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай мухлис. Терма жамоанинг сўнгги натижаларидан қаттиқ ранжиди. Интернетдаги фойдаланувчиларнинг 80 фоизи Капеллонинг кетишини хоҳламоқда. Шунингдек, шарҳловчилар, мураббийлар, турли футбол хизматчилари ва ҳатто футболчиларнинг ўзлари ҳам худди шу фикрга келишган», дейилади сайтда берилган хабарда.

Порталда ёзилишича, РФИ мураббий билан шартномани бекор қилган тақдирда Капеллога 21,4 млн евро товон пули тўлаши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоаси ЕВРО-2016 саралаш босқичи доирасидаги 6-тур учрашувида Австрияга имкониятни бой бериб қўйган ва жуда кўпчилик мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлганди.