Шимолий Кореяда охирги 100 йил ичидаги энг қаттиқ қурғоқчилик ҳукм сурмоқда. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар бермоқда.

Агентликнинг хабарида қайд этилишича, қурғоқчилик мамлакатдаги озиқ-овқат етишмовчилиги муаммосини янада оғирлаштирмоқда. Ёғингарчилик йўқлиги сабабли мамлакатдаги барча плантациялар, шу жумладан гуруч майдонлари қақраб кетмоқда.

“Шимолий Кореяда охирги 100 йил ичидаги энг даҳшатли қурғоқчилик давом этмоқда ва қишлоқ хўжалигига катта зиён келтирмоқда”, деб таъкидламоқда агентлик.

БМТнинг Шимолий Кореядаги доимий координатори ўтган ойда қурғоқчилик бўлиши прогноз қилинганини айтиб ўтди.