Тошкентнинг Яшнобод туманида ораларидаги ишқий муносабатларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, аёлдан пул ундириб юрган қаллоб ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар бермоқда.

Айтилишича, Самир Баҳромов Виолетта Герасимова билан дафн маросимида танишиб қолган. Виолеттанинг холаси вафот этган, уларнинг қариндоши Денис эса Самирнинг дўсти бўлган.
Маросимдан сўнг Самир ва Виолетта ўртасида ишқий муносабатлар туғилган, аммо бир неча кундан сўнг улар учрашмай қўйган.
Орадан бир йил ўтиб, Самир Виолеттанинг синглиси, коллеж ўқувчиси Катеринани учратган ва у билан учраша бошлаган. Виолетта бунга тўсқинлик қилмоқчи бўлган, аммо Самир унга эски муносабатларни эслатиб, агар 2 минг доллар бермаса, эрига барчасини айтиб беришини, уларнинг муносабатлари қайд этилган видеолавҳа сақланаган флеш-картани унга етказишини маълум қилган.

2014 йилнинг 25 сентябрь куни Виолетта Самирга 2 минг доллар пул келтириб берган. “Иштаҳаси” очилган Самир тез-тез Виолеттадан пул сўрай бошлаган. Жумладан, орадан икки кун ўтиб, 27 сентябрь куни у аёлдан минг рус рубли, 30 мартда 120 минг сўм, 30 сентябрь куни эса 145 минг сўм ундирган.
Шантаж ҳеч қачон тугамаслигини тушунган Виолетта навбатдаги “учрашув”да Самирнинг сўзларини диктофонга ёзиб олган ва ички ишлар ходимларига мурожаат қилган. Самир Баҳромов дарҳол қўлга олинди.
Воқеа юзасидан тергов ишлари амалга оширилмоқда.