Тошкентда яшовчи 35 ёшли Фарҳод Ортиқбоев аутизм касаллигидан азият чекувчи ўзининг 10 яшар ўғли Муҳаммадали учун антиқа футболка ўйлаб топди. Фарҳоднинг ўғли касаллиги туфайли гапиришни билмайди ва одамларга тик қарай олмайди, шунинг учун бола бирор нотаниш жойда бир ўзи қолиб кетса, унинг футболкасида қўнғироқ қилиш илтимоси ёзилган ёзув бу вазиятдан чиқишнинг янги яхши усули бўлмоқда. “Қўнғироқ қилиш ҳақидаги илтимос футболканинг олди ва орқа томонида рус ва ўзбек тилида ёзилган”, деб айтмоқда Фарҳод ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Яқинда Муҳаммадали йўқолиб қолиб, уни машина уриб кетишига бир баҳя қолган. Уни кўриб қолиб, машинасига ўтқазиб, онаси келгунча олиб ўтирган номаълум ҳайдовчининг ёрдами туфайлигина барчаси яхшилик билан тугаган.

“Мен бу ҳайдовчини қидиряпман, уни жуда яхши инсон деб биламан. Ўғлим орқамдан югуриб чиқиб, катта кўчага чиқиб кетган. Машиналар уни кўриб тўхташни бошлашган ва авария содир бўлишига сал қолган. Кимдир ўғлимга бақиришни бошлаган, ахир у кўринишидан оддий боладан ҳеч қандай фарқи йўқ. Бироқ фақатгина шу ҳайдовчи машинадан тушиб, уни қўлидан етаклаб машинасига олган. У ота-онам ва рафиқам чиқмагунча 15 дақиқа ўғлимни машинасида олиб ўтирган. Мен бу инсонга катта миннатдорчилик билдирмоқчиман, ахир у сабр қилиб, кимдир чиқишини пойлаб ўтирган. Агар у уни милицияга олиб борганда ҳам яхши бўларди, бироқ биз унинг ўша ердалигини аниқлагунимизча, юрагимиз дош бермасди”, деб ёзмоқда Фарҳод.

“Кўпчилик одамлар йўқолиб қолган бола ҳар доим йиғлаб, ёрдам сўраб бақиради деб ўйлашади, бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлмайди. Мен бу ҳолатдан дарак топиб уйдагиларимни хабардор этган қўшниларимдан ҳам миннатдорман. Сўзим якунида шуни айтмоқчиман: агар сиз футболкасида ёрдам сўзлари ёзилган болани ва унинг ёнида ҳеч ким йўқлигини кўриб қолсангиз, унда сиздан илтимос, ёзувдаги телефон рақамини териб, бу ҳақда хабардор этиб қўйинг. Бизлар болаларимизнинг касалига қарамасдан уларни жуда яхши кўрамиз. Бизлар уларнинг яхши бўлиб кетишлари учун туну-кун курашамиз. Илтимос, вақтингизни аямай, қўнғироқ қилинг. Улар биз учун жуда қадрли. Ва асосийси, Тангри доимо биз билан. У бизнинг гўзал болаларимизни ўз паноҳида асрайди”, деб огоҳлантирмоқда Фарҳод Ортиқбоев.

Фарҳод Ортиқбоев “Милосердия.ru” мухбирига ўғлининг исмини машҳур боксчи Муҳаммад Алининг шарафига қўйганини ва унинг ўғли “атипик аутизм” ташхиси қўйилган Ўзбекистондаги биринчи бола эканлигини маълум қилди.

“Бизда бундай нарсаларни гапириш одат қилинмаган. Яқиндангина вазият ўзгара бошлади. Мен 2 ой олдин “Фаришта” клубини ташкил қилдим, бу ерда ривожланишида ўзига хос четланишлар бор болаларнинг ота-оналари йиғилишади. Ҳозирда ўнга яқин одам мунтазам йиғилиб туради”, деб айтмоқда Фарҳод.

Фарҳод Ортиқбоев ўғлига ўхшаш болаларни топиш ва уларнинг айнан шундай эканлигини аниқлашнинг учта қоидасини эслатиб ўтди.

1. Ҳар доим ёрдам бериш ҳақида сўрамайди

Ривожланишида четланишлар бор бола йиғламаслиги ва ёрдам беришни сўраб бақирмаслиги мумкин. У ҳеч нарса бўлмагандек қувноқ юриши мумкин. Агар сиз йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаётган, ҳайқирганча доира бўйлаб югуриб юрган, сизга эътибор бермай ва сизнинг гапингизни англамаётган болани кўриб қолсангиз, унда дарҳол уни милиция пунктига олиб боринг ёки милицияга хабар беринг. Руҳий ва неврологик муаммоларга эга болалар ҳар доим ҳам сиздан ёрдам сўрай олмаслиги мумкин. Улар қўрқишади, лекин ҳар доим буни очиқчасига кўрсата олишмайди.

2. Нодоатий кийинган бўлишади

Руҳий четланишга эга болалар икки хил пойабзал кийиб олган ёки умуман ялангоёқ бўлиши мумкин. Майкаси нотўғри кийилган ёки иссиқ ҳавога қарамасдан бошига қишки бош кийим кийиб олган бўлиши мумкин. Бундай болани кўриб қолсангиз, уни кузатиб туринг. Кўпинча бундай болалар кўчага уйида қандай кийимда бўлса шундай чиқиб кетадилар. Ёки ифлос кийимда бўлишлари мумкин – бу ҳам муҳим аломат ҳисобланади. Буни пайқаш қийин эмас: бола нотўғри кийинган бўлса, сиз буни дарров пайқайсиз. Бундай ҳолатнинг гувоҳи бўлсангиз кулиб, бефарқ ўтиб кетманг, сизнинг эътиборингиз болага ёрдам беради.

3. Қўшни ва дўстларингиз сизнинг ёрдамчиларингиз

Ўз болангиздан уялманг: агар у гаплашмаса ва гап тушунмаса, бундан ён-атрофдагиларингизни, қўни-қўшниларни хабардор қилиб қўйинг. Агар сиз яшайдиган жойда ишонган дўстларингиз бўлса, уларга вазиятни тушунтиринг. Бундан хабардор бўлган қўшниларингиз фарзандингиз ёлғиз кетаётганига эътибор беради. Қанчалик кўп одам билса, шунчалик кўп одам бундан хабардор бўлади. Ҳаттоки сиз билан алоқа қилмайдиган одамлар ҳам кўча-куйда буни эшитиб, бундан хабардор бўладилар. Балки фарзандингизнинг устидан куларлар, бироқ уни кўрадилар ва бу катта плюс бўлади. Улар сизга фарзандингизни кўрганларини айтишлари мумкин ва бу энг асосийсидир”.

Фарҳод ўзига “Ғурурли фарзанднинг ғурурли отаси” деган ёзувли футболка ҳам тайёрлатган.