Google ўзининг энг йирик активларидан бири – YouTube видеохостинги орқали фақатгина онлайн-ўйинларга бағишланадиган YouTube Gaming янги сайтини ва мобиль дастурини ишга туширишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда компаниянинг расмий блогида маълум қилинди. ОАВларнинг фикрича, янги сервис Twitch`нинг асосий рақобатчисига айланади.

YouTube Gaming яратувчилари ресурсда 25 мингдан кўпроқ ўйиннинг канали тақдим этилишига ваъда беришмоқда. Фойдаланувчилар томонидан юкланган видеолар уларнинг аккаунтларида акс эттирилади. Ўзининг шахсий онлайн-каналини ишга туширмоқчи бўлганлар энди YouTube`га ўхшаб маълум вақтга онлайн-трансляцияга буюртма беришларига тўғри келмайди. Трансляция сифати аввалгидек – бир сонияда 60 кадрлигича қолади.

YouTube Gaming`нинг яратилиши барча ўйин контентини бир жойда тўплашга имкон беради.

Google`нинг янги сервиси фойдаланувчиларга ўзини ўйин ўйнаш пайтида видеога олиб, уни юқори сифатда намойиш қилишга имкон берувчи, 2012 йилда яратилган Twitch платформасига рақобатчи бўлиши айтилмоқда. Twitch`нинг ҳар кунги аудиторияси 100 млн.дан кўпроқ фойдаланувчини ташкил қилади, улар реал вақт режимида ўйинларнинг шарҳланувчи трансляциясини ва аввалги ёзувларни кўришлари мумкин. 2014 йилда Twitch Amazon томонидан 970 млн долларга сотиб олинган. Google`нинг бу сервисни сотиб олмаганининг сабабларидан бири сифатида гигантнинг антимонопол қонунчиликни бузишдан хавфсираши бўлган.

Twitch жамоаси Google`нинг бу ташаббусига кесатиқ билан жавоб берди: "Хуш келибсан, 2-рақамли ўйинчи. Мени Google+ га дўстларга қўшиб қўй” деб, Google`нинг Facebook`га рақобатчи бўладиган ижтимоий тармоқ яратишдаги муваффақиятсиз якунланган уринишига шаъма қилиб қўйди.

Ўйинлар видеоси YouTube учун ҳам муҳим трафик манбаи ҳисобланади, 2015 йилнинг майида юзлаб оммавий ўйинлар канали 6 млрд.га яқин намойиш йиғишга муваффақ бўлган.