Айни кунларда Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқали академик лицейида умумий ўрта мактаб ўқувчилари орасида “Билимлар беллашуви” танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда.

Танловнинг финал босқичида иштирок этиш учун Тошкентга “Интеллектуал ривожланиш ёзги оромгоҳи”га бепул йўлланмалар олган олдинги уч босқичнинг 500 нафар ғолиби ташриф буюрдилар. Оромгоҳда 1-смена 18 июндан бошланиб, 29 июнгача давом этади, 2-смена эса 1–12 июль кунлари бўлиб ўтади. Ўқувчилар дам олишга боришларидан олдин ўз билим ва малакаларини кўрсатишлари ва “Билимлар беллашуви” танловининг 1-ўрнини қўлга киритиш учун курашишлари керак бўлади. Билимлар беллашуви анъанавий равишда 5-8-синф ўқувчилари ўртасида 17 та умумтаълим фани бўйича ўтказилади. Жорий йилда ҳаммаси бўлиб танловнинг биринчи босқичларида бутун республика бўйича 2 млн 100 минг ўқувчи беллашди.

Аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар ғолиблари 17 июнь куни маълум бўлади. 29-30 июнда фалсафа йўналишидаги фанлар бўйича ғолиблар аниқланади.

Халқ таълими вазирлигининг таъкидлашича, беллашув ўқувчиларнинг истеъдодини аниқлаш ва соғлом рақобат воситасида билимлар олишга қизиқишини ривожлантиришдан ташқари, Давлат таълим стандартлари талабларининг бажарилишини таҳлил қилишга имкон беради.

Анъанага кўра, беллашувда юқори натижалар кўрсатган 500 нафар энг яхши ўқувчи Чимён этагида жойлашган “Қуёшли” оромгоҳида хордиқ чиқарадилар. Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда 100 нафар ўқувчига (республика бўйича ҳаммаси бўлиб 1400 нафар ўқувчи) энг намунали оромгоҳларда вилоятлар “Интеллектуал ривожланиш оромгоҳлари” ташкил этилади. Болалар оромгоҳларда нафақат хордиқ чиқарадилар, балки ҳар бир фан бўйича етакчи фан арбоблари, маданият ва санъат вакиллари иштирокида фан кечалари, мастер-класслар, викторина, танловларда иштирок этишлари мумкин бўлади.