Нидерландиялик архитекторлар Амстердамдаги каналлардан бири устидан ўтувчи кўприкни 3D-принтер ёрдамида “босиб”, 3D-принтерлардан қурилиш соҳасида фойдаланишдаги тажрибаларни илғор суришга қарор қилишди.

“Компьютерра” порталининг хабар беришича, 3D-принтерда кўприкни яратиш лойиҳаси учта йирик компания: Heijmans девелопери, истиқболли технологиялар лабораторияси JorisLaarman ва 3D-принтерлар ишлаб чиқарувчи MX3D компанияси томонидан ташкил этилган. Нидерландия пойтахтидаги каналлардан бирининг устидан ўтувчи пўлатдан ишланган йўловчилар кўприги 6та эркинлик даражасига эга MX3D Metal роботлаштирилган қўли ёрдамида ясалади. Бундай робот ўзида пайвандлаш ва металлни узлуксиз бериб турувчи мосламани мужассамлаштирган қурилмани бошқаради.

Шу тариқа кўприк металлнинг суюлтирилган майда томчиларидан узлуксиз пайвандлаш чоки тарзида қурилади. Бундай конструкция листли металлдан анчагина юқори мустаҳкамликка эга бўлади. Кўприкнинг юпқа “таянч иплари” юкламани яхши тақсимлайди ва шамол таъсирини камайтиради.

Кўприк қуриладиган жой сир сақланмоқда. Кўприк лойиҳачиларидан бири Йорис Лаарманнинг айтишича, лойиҳа ўтмиш билан келажак технологиясининг қоришмаси сифатида намоён бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Амстердамда 3D-принтерда икки йилдан бери аввалбошида “3D-принтерда босилган илк уй” деб аталган 3D Print Canal House деб номланувчи уч қаватли бино ишланмоқда. Бу лойиҳа ҳали ҳам якунланмаган ва қачон якунланиши ҳам номаълумлигича қолмоқда, бироқ лойиҳа ташкилотчилари ўз сайтларида бу қурилиш уч йилга мўлжалланганини айтишмоқда. Бу орада Хитойда 3D-принтерда ўнлаб виллалар босиб чиқарилмоқда.