Австралия ва Хитой кўп йиллик музокаралардан сўнг эркин савдо тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда France-Presse агентлиги Твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилди.

“Бу икки мамлакат учун муҳим тарихий кундир. Бу бизнинг мамлакатларимизни яхши томонга ўзгартиради, минтақамизни яхши томонга ўзгартиради, дунёмизни яхши томонга ўзгартиради”, – деб таъкидлади Австралия бош вазири Тони Эббот.

Унинг фикрига кўра, келишув Хитой ва Австралияга бир-бирининг бозорига йўл очиб беради.

Ҳужжат Канберрада Австралия савдо вазири Андрю Роббнинг Хитой тижорат вазири Гао Хученг билан учрашуви чоғида имзоланди.

Хитой Австралиянинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, уларнинг йиллик умумий товар айланмаси 123 млрд долларни ташкил қилади.