“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси электр энергиясини автоматик ҳисоблаш ва назорат қилиш тизимини жорий этишда давом этмоқда. “Экономическое обозрение” нашрида ёзилишича, айни кунларда янги авлод ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича тендерга якун ясалмоқда. Завод Навоий эркин индустриал иқтисодий зонасида жойлашади.

“Тизимнинг асосий янгилиги тарифлар диверсификацияси бўлади. Маълумки, электр қуввати истеъмол қилиш даврининг икки чўққиси бор. Улар эрталабки ва кечки соат 6-9га тўғри келади. Ўша пайтдаги юкламанинг камайтириш учун айрим вақтларда электр энергиясини қўллашга чегирмалар таклиф қилинади. Яъни истеъмолчи агарда кир ювиш машинасидан эрталаб эмас, тунда фойдаланса, электр учун камроқ пул тўлайди. Тариф чегирмалари куннинг айрим вақтларида ишлайди”, – дейилади материалда.
“Ҳозирликда республикада тизимнинг номукаммаллиги боис аҳолида 2 млрд кВт/соат ва ишлаб чиқариш корхоналарида 1 млрд кВт/соат электр қуввати ҳисобга олинмай қолиб кетмоқда”, – таъкидлайди нашр.
Чора-тадбирлар дастурига биноан, тизим 2020 йилга қадар мамлакатнинг бутун ҳудудини қамраб олади. Тошкент шаҳрида жараён 2016 йилда якунланади.