Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий "ИШИД" террорчилик гуруҳи дунёнинг 100га яқин давлатидан болаларни ўз сафига ёллаётганини айтди.

“ИШИД" гуруҳи ўзи назорат қилаётган ҳудудларда террорчилик ҳужумларини содир этиш учун дунёнинг 100га яқин давлатидан болаларни ўз сафига ёлламоқда”, деб Ал-Ободийнинг сўзларини келтириб ўтди Эроннинг PressTV телеканали.

Шу муносабат билан Ал-Ободий БМТни болаларни террорчилик гуруҳларига ёлланишини “инсониятга қарши жиноят” деб қоралашига чақирди.

Бундан ташқари, Ироқ бош вазири бошқа давлатлардан ҳар ой ўртача 40 га яқин жангари Ироққа террорчилик операцияларини ушютириш учун келаётганини айтди.

“Айни пайтда "ИШИД" сафидаги хорижий жангарилар сони бу гуруҳдаги ироқлик жангарилар сонидан кўпроқни ташкил қилмоқда”, деб таъкидламоқда Ал-Ободий.

Телеканал маълумотларига кўра, 2015 йилда "ИШИД" Ироқдаги ва Суриядаги жанглар давомида умумий ҳисобда 400га яқин болани қўлга олган ва уларни ўзининг Суриядаги базасида ушлаб турибди. Уларнинг онгига фаол равишда экстремистик ғояларни сингдирмоқда ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтказилмоқда.