Россиянинг Курск вилоятидаги Кореневск туманида мудҳиш ҳодиса рўй берди. Воқеа тафсилотларини Kursktv.ru порталига маҳаллий Глушков туман тергов бошқармаси раҳбари Дмитрий Ожгихин айтиб берди.

Маълум бўлишича, Украинадан Россия ҳудудига сохта давлат рақамларига эга Jeep Grand Cherokee русумли машина қонунга хилоф равишда кириб келган. Салонда, ҳайдовчидан ташқари, Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш эркак, аёл ва унинг 6 ёшли ўғли бўлган. Улар Россияда қолиши, машинага эса иккита африкалик миниб, Украинага кетиши лозим эди.

Аммо бу ишларни пайқаган чегарачилар машина ортидан қува кетган ва ўт очган. Ўқлардан бири болага теккан. Бола воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолганлар қўлга олинган.