Муборакнинг «Машъал» клубининг эстониялик ҳужумчиси Владислав Иванов маҳаллий нашрга берган интервьюси чоғида Ўзбекистонда футболчиларга тўланадиган маош ва Олий Лига жамоалари савияси борасида гапириб ўтди.

«Ўзбекистон чемпионати жамоалари Эстония клубларидан молиявий жиҳатдан катта фарқ қилади. У ерда Эстонияга қараганда 2-3 баравар кўп маош тўлашади. Чемпионат ўйинларидаги ҳар бир ғалаба учун ҳам йирик мукофот пуллари берилади. Эстонияда бундай мукофот пулларини фақатгина еврокубокларда муваффақият қозонгандагина беришлари мумкин».

29 ёшли футболчи чемпионат савияси ҳақида гапира туриб, бир қатор ўзбек клублари Россия чемпионати даражасида эканини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон чемпионати яхши даражага эга. Мени назаримда, бир қатор клублар Россия премьер-лигасида ҳам йўқолиб қолмаган бўларди», дея футболчининг сўзларидан иқтибос келтиради Delfi нашри.