Швейцариянинг дунёда энг йирик озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи компанияси Nestle Африкадаги ходимлари сонини 15 фоизга қисқартирмоқчи.

Компания минтақадаги ўрта синфнинг ўсиш суръатларини ҳаддан ортиқ юқори баҳолаб юборгани сабабли ходимлар ишдан бўшатилмоқда, деб айтди Nestle нинг Марказий Африка минтақасидаги ижрочи директори Корнел Крумменахер The Financial Times нашрига берган интервьюсида.

Бу минтақа 21 та давлат, жумладан Кения, Конго демократик республикаси ва Анголани ўз ичига олади.

Крумменахернинг айтишича, минтақадаги савдолар ҳажмининг ошиши Nestle Африкани эгаллашни бошлаган 2008 йилда режалаштирилган даражадан паст бўлди. Охирги 10 йил ичида компания минтақага деярли 1 млрд доллар инвестиция киритди.

Жорий йилда Nestle Руанда ва Угандадаги офислари фаолиятини тўхтатиб қўйди, кузгача эса 15 та омборхонани ёпиши мумкин.

“Бизда ҳар ойги тўловларни амалга ошириш учун етарлича маблағ йўқ. Бу қискартиришлар туфайли биз кейинги йилда зиёнсиз ишлашга умид билдирмоқдамиз”, деб айтди Крумменахер.

Компаниянинг Африкадаги бўлими маошларни тўлаш ва ишлаб чиқариш учун хомашё сотиб олиш учун Швейцариядаги бош офисдан маблағлар жалб қилади ва маҳаллий банклардан кредитлар олади.

Nestle бутун дунё бўйлаб 460 дан кўпроқ фабрикага эга. Компания таркибига Nestle, Nescafe, KitKat, Gerber, Maggi ва бошқа брендлар киради.