Нью-Йоркда "ИШИД" номидан теракт уюштирмоқчи бўлган коллеж талабаси қўлга олинди, деб хабар бермоқда CBS телеканали.

Қайд этилишича, Нью-Йоркнинг Квинс туманида яшовчи 20 ёшли Мунтар Умар Салоҳ 2015 йилнинг июнь ойи бошида қўлга олинган. Тергов ўсмирнинг портлашни амалга оширишни тайёрлаган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотларга эга.

Террорчиликда гумон қилинаётган Салоҳ унинг интернетдаги фаоллиги туфайли аниқланди. Таъкидланишича, гумондор “Ал-Қоида”ни қўллаб-қувватлаши ва Техасда пайғамбарга ҳажвий суратлар кўргазмасида юз берган отишмани маъқуллашини айтган.

Салоҳнинг файлларида бомба тайёрлаш бўйича йўриқномалар ҳамда айблов томонидан “теракт учун танланган нишонлар” деб аталган Нью-Йоркнинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар топилган.

Аввалроқ Федерал қидирувлар бюроси "ИШИД" тарафдорлари томонидан АҚШда теракт тайёрланаётгани ҳақида маълумот олгани маълум қилинганди.