Қозоғистондаги Оқтов шаҳри аэропортида SCAT авиакомпаниясининг Boeing-737 самолётида ўт чиқди. Бу ҳақда Forbes.kz нашри хабар бермоқда.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ёнғиннинг сабаблари аниқланмоқда. Олов техник хизмат кўрсатиш чоғида, йўловчилар ва юклар туширилганидан сўнг рўй берган.

Ёнғин чиқишидан олдин йўловчилар портлаш овозини эшитган – бу кислород баллонининг ёрилиши натижаси бўлиши мумкин. Баллондан сизиб чиққан кислород олов олиб, самолёт қопламасини тешиб ўтган бўлиши мумкин. Бундай ҳолат баллонлар ўрнатиш қоидаларининг бузилиши оқибатида келиб чиқиши мумкин.

Ёнғин 80 м квадратни қоплаган. Самолёт қайта тиклаб бўлмайдиган аҳволга келган.