17 июнь куи «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда islom.uz портали ходимлари иштирокида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб янги китобларнинг тақдимот маросим бўлиб ўтди.

Анъанага кўра, тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Дуодан сўнг ношир Исмоил Муҳаммад Юсуф сўзга чиқиб, кириб келаётган Рамазони шариф муносабати билан барчани муборакбод этди, сўнгра «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг Рамазон ойига бағишлаб режалаштирилган ишлари тўғрисида, хусусан, «Мўминнинг қалқони» деб номланган муфассал рўза китоби ҳамда «Бахтиёр оила» китобининг янги нашри тақдим қилинаётгани ҳақида гапирди.

Шундан сўнг сўзга чиққанлар ушбу икки китобнинг ёзилиш тарихи, уларнинг бугунги кундаги диний-маърифий адабиётлар орасида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтишди. Тақдимот маросимига ташриф буюрган «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов ҳамда «Минор» жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов ҳам сўзга чиқиб, шайхнинг эл-юртга ва бутун дунё мусулмонларига кўрсатган фидойиликлари, буюк хизматлари ҳақида тўлқинланиб сўзлашди.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ҳам қатнашиб, марҳум шайхнинг илмий мероси, у асос солган илм-маърифат боғининг мева бераётгани, ҳали бу илм сарчашмаси халқ учун узоқ йиллар манфаат келтириши ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг ушбу тадбир муносабати билан ўқилган хатми Қуръон якунланиб, Абдуллоҳ ҳожи Исмоилов ушбу хатмнинг савобини барча ўтган мўмин-мусулмонларга, хусусан, шайх ҳазратларининг руҳларига бағишлаб, маросимга якун ясаб берди.