Россиянинг Ленинград вилоятида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси 4 нафар ватандошини қасддан ўлдиргани учун суд олдида жавоб берди. Кейинги 25 йил умрини у оғир режимли колонияда ўтказади.

Айтилишича, воқеа 2012 йилнинг 29 сентябрдан 30 сентябрга ўтар кечаси Кингиссеп туманидаги Большое Коземкино қишлоғида рўй берган. Айбланувчи бир нечта таниши билан яшаш учун мослаштирилган вагон ичига кириб, 4 нафар Ўзбекистон фуқаросини гаровга олган.

Уларни машинага ўтказиб, жиноятчи ҳайдовчига Петербург-Нарва автойўли бўйлаб Санкт-Петербургга йўл олиш ҳақида кўрсатма берган. Йўл-йўлакай у ҳар 200-600 метрда машинани тўхтатиб, гаровдагилардан бирини ўрмон ичига олиб кириб кетаверган.
Ўрмон ичида жиноятчи қурбонларининг бошига ва танасига пичоқ ва болта ёрдамида жароҳатлар етказган. Шу тариқа у тўрт асирининг ҳаётига зомин бўлган.
Қотилликнинг асосий мотиви сифатида тергов томонидан қурбонлар қурилиш ишларида жиноятчининг воситачилик қилишига рози бўлмаганликлари келтирилмоқда.

Қайд қилинишича, 35 ёшли жиноятчи илгари ҳам қотиллик туфайли судланган.