Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мустақиллик йилларида мамлакатда асосий фаровонлик манбасига, республика иқтисодиётининг асосига айланиб бормоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармон одамларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор шундан далолат бермоқда. Мамлакат президенти ташаббусига кўра ҳар йили ўтказиладиган “Ташаббус” анъанавий кўрик танлови бунинг ёрқин мисоли бўла олади.
Жорий йилда ушбу тадбирда иштирок этиш бизнинг ташкилотимиз – Takro Osiyo МЧЖ учун ҳам, мен учун ҳам, ушбу компания раҳбари сифатида, катта янгилик бўлди. Танлов жюриси қарорига мувофиқ мен “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида бош совринга сазовор кўрилдим. Мен ушбу мукофот профессионал фаолиятимнинг юқори даражада эътироф этилишининг белгисигина бўлди, деб ҳисобламайман. Мен буни мамлакатимизда ишбилармон одамларга кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир тасдиғи деб ҳисоблайман.
Ишбилармонлар ҳаракатининг қўллаб-қувватланиши қай даражада салмоқли ўрин тутишига кўп бора амин бўлганман. Масалан, давлатимиз раҳбари кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратади, мамлакат раҳбарияти томонидан йил сайин бу йўналишда қатъий чоралар кўрилмоқда. Натижада ўз ишингни бошқариш жараёни сезиларли даражада енгиллашмоқда, тадбиркорлар учун янги имтиёзлар ва преференциялар яратилмоқда, бизнесга кўмак берувчи янги самарадор структуралар юзага келмоқда, ижобий ишбилармонлик муҳити шаклланмоқда.
Кўрилаётган чора-тадбирлар ичида бир энг муҳим йўналишни ажратиб кўрсатишим мумкин – тижорат банклари билан ҳамкорлик қилишда очиқликни ошириш, янги бизнес яратиш ва ривожлантириш учун кредитларнинг борлиги. Ахир, барчага яхши маълумки, тадбиркорликда молиявий ресурслар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу ҳақда мен ўз корхонам мисолида гапира оламан, биз ҳам банк кредитлари ёрдамида янги босқичга кўтарила олдик.
Зангиота туманида фаолият юритаётган Takro Osiyo МЧЖ 2009 йили яратилган бўлиб, пахта ип газлама матолари ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Вақт ўтиши билан корхона босқичма-босқич ўз ишлаб чиқариш қувватларини ошириб борди, янги маҳсулот турларини ўзлаштириб борди, ўз маҳсулотларини етказиш географиясини кенгайтириб борди. Ишлаб чиқариш модернизациясини амалга ошириш учун корхонага қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш талаб этиларди. Шу мақсадда компания раҳбарияти томонидан банк кредитларига мурожаат қилинди, хусусан, “Микрокредитбанк” билан ҳамкорлик ўзини бутунлай оқлади. Ушбу молия муассасаси томонидан тақдим этилган маблағ янги юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга текстиль жиҳозларини харид қилишга йўналтирилди.
Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифати сезиларли даражада ўсди, энди у деярли тўла ҳажмда экспорт қилинади ва ташқи бозорларда яхши талабга эга. Бугун корхона 250дан ортиқ хорижий шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда, маҳсулотнинг харидоргирлигини ошириш мақсадида Россияда савдо уйи очилди. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси туширилган маҳсулотга бўлган эҳтиёжнинг ортишига чиқарилаётган товарлар сифатини ўстириш бўйича олиб борилаётган ишлар сабаб бўлмоқда. Бу йўналишдаги мақсадли чора-тадбирлар туфайли бугун ишлаб чиқаришда сифат бошқаруви тизими жорий қилинган бўлиб, у халқаро ISO 9001:2008 стандартига мос келади.
Текстиль саноатининг қувватининг ошиб бориши муносабати билан ходимлар штати ҳам анча кенгайди. Бугун корхонада 140 киши ишламоқда, улардан 70 нафари ёш мутахассислардир. Охирги вақтларда ишга 27 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари олинди. Корхона фаолиятининг энг катта натижаларидан бири экспортнинг ошиши бўлди. Хусусан, ўтган йили 1 млн 36 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

“Ташаббус-2015” республика кўрик танлови чоғида олинган мукофот бутун корхона фаолиятига берилган юқори баҳо бўлди. Бу ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича биз ва бизнинг ҳамкорларимиз томонидан амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Корхона олдида янги мақсадлар турибда ва биз бизнесни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар туфайли уларга албатта эришишимиздан умид қиламиз.
Камолиддин Ғиёсов,
Takro Osiyo МЧЖ раҳбари