1993 йили Тошкент шаҳрида туғилган, газ таъминоти бўлимининг собиқ ходими Максим Григорьев фирибгарликда айбланиб жазога тортилди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар бермоқда.
Айтилишича, у ишлаган пайтидаги эски қарздорлик рўйхатлари асосида Чилонзор туманидаги уйларга бориб, шу асосда одамлардан пул ундириб юрган. Жумладан, А. Мелиевга 882 минг сўм, О. Абдурасуловдан 400 минг сўм олган. Бундан ташқари, А. Мелиев газ плитасини балконга чиқаргани боис ундан яна 400 минг сўм “жарима” ундирган. Бу операцияларнинг барчасини Григорьев сохта квитанциялар билан “расмийлаштирган”.
Бир куни Мелиевнинг хонадонига ҳақиқий газ таъминоти ходимларининг келиши билан фирибгарлик ошкор бўлди. Сохта квитанциялар ички ишлар бошқармасига топширилди. Ҳуқуқбузар қўлга олиниб, жавобгарликка тортилди.