Япониядаги Burger King тамаддихоналар тармоғида 3 июлдан бошлаб қизил рангдаги бургерлар сотилиши бошланади, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal нашри.

Янги бутербродлар Aka Samurai Chicken ва Aka Samurai Beef номини олди (биринчиси – товуқ гўштидан, иккинчиси мол гўштидан тайёрланган). Бундай бир дона бургерлар нархи мос равишда 540 иен (4,4 доллар) ва 690 иен (5,6 доллар)ни ташкил қилади.

Бургерда нафақат булочкалар, балки пишлоқ ва соус ҳам қизил рангда бўлади. Булочка ва пишлоққа қизил ранг бериш учун уларга томат кукуни қўшилади, соус эса мисо ва аччиқ қизил гармдоридан тайёрланади.

Япониядаги Burger King ўзининг таомлари рецептурасини биринчи марта ўзгартирмаяпти. 2014 йилда мижозларга қора бургер таклиф этилганди (калмар сиёҳлари ва бамбук қўмиридан тайёрланган), 2015 йил март ойида бургердаги оддий котлет ўрнига қовурилган қурбақа оёғи тортиқ қилинганди.