Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфида 70 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Коллежда Республиканинг барча ҳудудларидан келган заиф кўрувчи ва кўзи ожизлар, ҳаракат таянч аъзолари касалликлари, заиф эшитувчи ва кар-соқовлар, ҳамда умумий касалликлар бўйича ногиронлик гуруҳига эга бўлган 490 нафар ўқувчи таҳсил олади.

Тошкент вилояти, Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳри умумтаълим мактабларининг битирувчилари коллеж ўқувчилар контенгентининг асосий қисмини ташкил этишади.

Бугунги кунда коллежда еттита йўналиш бўйича таълим берилмоқда.

1. Бухгалтерия.

2. Тикувчилик ишлаб чиқариш.

3. Радиотехника ва телеаппаратураларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш;

4. Компьютер ва компьютер тармоқларини ишлатиш ва уларнинг дастурий таъминоти.

5. Маиший хизмат машина ва асбобларини таъмирлаш электромеханиги;

6. Пойабзал иши.

7. Тўқувчилик ишлаб чиқариш.

Битирувчи ўқувчиларнинг ногиронлик гуруҳларидаги бўлинишдан кўринадики, 2 гуруҳ ногиронлари 2014 ва 2015 ўқув йилларидаги битирувчи ўқувчилар контингентининг асосий қисмини ташкил этади. 1, 3 гуруҳлар ва болаликдан ногирон битирувчилар эса контингентининг нисбатан камроқ қисмини ташкил этади.

Битирувчи ўқувчиларнинг касаллиги бўйича бўлинишига кўра таянч аъзоларида нуқсони бўлган ва заиф эшитувчи ва кар соқов ўқувчилар 2014 ва 2015 ўқув йилларидаги битирувчи ўқувчилар контингентининг асосий қисмини ташкил этади. Кўзи ожиз, заиф кўрувчи ва умумий касалликлари бўлган битирувчи ўқувчилар эса контингентининг нисбатан камроқ қисмини ташкил этади.

Битирувчи ўқувчиларнинг ёши бўйича бўлинишида эса 19 ёшдан 21 ёшгача бўлган ўқувчилар 2014 ва 2015 ўқув йилларидаги битирувчи ўқувчилар контингентининг асосий қисмини ташкил этади. 15 ёшдан 18 ёшгача ва 22 ёшдан юқори бўлган битирувчи ўқувчилар эса контингентининг нисбатан камроқ қисмини ташкил этади.

Замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган спорт залида нафақат жисмоний тарбия дарслари, балки ўқувчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида фаол иштирок этиб келаётган бир нечта спорт тўгараклари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар учун шахмат-шашка ва махсус футбол тўгараги мавжуд. Ҳаракат таянч аъзолари касаллиги бўлган ўқувчилар учун бадминтон, тош кўтариш ва пауэрлифтинг тўгараклари ташкил этилган.

Яратилган шароитлар ўз натижаларини намоён қилмоқда: коллеж ўқувчиси Зайниддинов Сирож 2011 йилда заиф эшитувчилар ўртасида ўтказилган халқаро шахмат мусобақасида фахрли 1-ўринни эгаллади. 2012 йил 3-босқич ўқувчиси Шобердиев Яшин Лондон 2012 паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этди. 2013 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган халқаро пауэрлифтинг турнирида коллеж ўқувчиси Қўзиева Рўза иштирок этиб, совринли учинчи ўринни эгаллади. 2014 йил Корея давлатининг Инчаон шаҳрида сузиш бўйича бўлиб ўтган Пароосиё ўйинларида Абдухалилов Умид иштирок этди.

Коллежда дарс машғулотларидан кейин ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун жами 9 йўналишдаги 52та тўгарак фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда коллеж компьютер синфларида, ахборот ресурс марказида, ҳамда лингофон хонасидаги барча компьютерлар ZiyoNET ахборот-таълим тармоғи ҳамда интернетга уланган.

Бу эса ўқувчиларга таълим бериш жараёнларида ахборот- коммуникацион технологияларни жорий этишда муҳим омил бўлмоқда. Коллеж ахборот ресурс маркази фондида жами 9000 дона илмий, ўқув услубий ва адабий китоблар мавжуд.

Коллеж битирувчиларининг ишга жойлашиш кўрсаткичлари йилдан-йилга яхшиланиб борган. 2011 йилда 70 фоиз битирувчилар ишга жойлашган бўлса, 2014 йилги натижаларга кўра, 87 фоиз битирувчи иш билан таъминланган.

Коллеж қуйидаги ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

1. Халқ таълими вазирлиги.

2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

3. Ногиронлар жамиятлари (Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти ва Карлар жамияти).

4. Нодавлат хайрия фондлари: “Соғлом авлод учун” ва “Қизил ярим ой жамияти”.

5. Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси.

6. Тошкент давлат педагогика университети.

7. Тошкент давлат тўқимачилик ва енгил саноат институти.

8. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти.