Бразилия терма жамоаси ҳимоячиси Дани Алвес Америка Кубоги-2015 доирасида Колумбияга қарши кечган мағлубиятли ўйин сўнгида Неймар қизил карточка олган вазият бўйича фикр билдирди.

"Неймар айнан нега бунчалик асабийлашганини аниқ айта олмайман. Лекин бунга ҳакам айбдор деб биламан. Ҳакам Неймарнинг қизиққон характерга эгалигини биларди. Унга иккинчи карточка кўрсатилиши хато бўлди.

Ҳакамлар футболчиларга ўз рақиблари сифатида қарашни бас қилиши керак. Улар ўйинда ҳакамлик қилишлари керак холос.
Бразилия иштирокидаги ўйинларнинг деярли ҳар бирида шундай ноҳақликлар рўй беради. Бу воқеадан кейин ҳамма бизни ёмон кўриб қолиши мумкин.
Биз энди хотиржамликни сақлаган ҳолда ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак. Бизда ёш бўлса ҳам, тажрибали жамоа мавжуд", дейди Алвес.

Эслатиб ўтамиз, ўйинга якун ясовчи ҳакам ҳуштаги чалингач, Неймар тўпни рақиб футболчиси Пабло Армеронинг кўксига қарата тепган. Бу вазиятда ўз шеригини ҳимоя қилиш учун етиб келган Бакка ва Неймар ўртасида жанжал келиб чиққан. Ҳакам эса уларнинг ҳар иккисига қизил карточка кўрсатган.

Энди Неймар гуруҳнинг учинчи ўйинида Венесуэлага қарши баҳсни ўтказиб юборади. Бакка эса Перуга қарши ўйинда майдонга туша олмайди.