Малайзия ҳарбий кемаси қароқчилар томонидан ўғирлаб кетилган Малайзия байроғи остида сузувчи Orkim Harmony танкерига яқинлашиб, қароқчиларни таслим бўлишга ундамоқда. Бу ҳақда денгиз полицияси вакилларига иқтибос келтирган ҳолда 18 июнь куни Малайзия ОАВларида хабар берилди.

“Кемадаги жамоа ҳам, юк ҳам бешикаст қолмоқда, денгиз қароқчилари билан олиб борилаётган музокаралар ўзининг авж нуқтасига чиққан”, деб хабар бердилар Куала-Лумпурдаги матбуот-анжуманида денгиз полицияси вакиллари.

Малайзия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Абдулазиз Жафар твиттерда кема бортида тўппонча ва мачетелар (қилич кўринишидаги узун пичоқ) билан қуролланган ҳолда 8 нафар қароқчи борлигини маълум қилди.
Бир ҳафта аввал Жанубий Хитой денгизида йўқолиб қолган бензин ортилган ушбу танкер 18 июнь куни Камбожа соҳиллари яқинида топилди.

Халқаро денгиз бюроси Жанубий-шарқий Осиё соҳилига яқин денгиз ҳудудлари қароқчилар томонидан босқинчиликлар туфайли савдо кемалари учун хавфли кўриниш олгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Жанубий-шарқий Осиё сувларида 2015 йилнинг январь-март ойлари кемаларнинг қароқчилар томонидан босиб олинишининг 38 та ҳолати расман қайд этилган, бу кўрсаткич дунё океани бўйлаб содир этиладиган бундай боскинчиликларнинг 70 фоизига тўғри келади.