Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий 17 июнь куни норозилик намойишларида иштирок этгани учун жазоланган 165 нафар кишини амнистия қилиш қарорини чиқарди, деб хабар бермоқда Миср давлат телевидениеси.

Қарор Рамазон ойи муносабати билан қабул қилинди.

Либерал ва сўл ёшлар ҳаракатларининг юзлаб тарафдорлари Миср ҳуқуқ-тартибот муассасалари томонидан ҳибсга олиниб, мамлакатда 2013 йил ноябрда “Жамоатчилик жойларида тинч йиғилишлар, юришлар ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқи тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингандан кейин турли муддатларга жазоланган эди.

Ҳар қандай ноқонуний тадбирлар ташкил этишни тақиқловчи ва уни бузганлик учун қамоқ жазони назарда тутувчи ушбу қонун норозилик кайфиятидаги аҳолининг кескин қарлишигига учради.

Айбланганлар орасида асосан ёшлар, талабалар кўпчиликни ташкил қилади. Охирги оммавий афв қилиш тадбири январда амалга оширилган эди. Ўшанда Миср бош прокурори бетартибликлар ва норозилик тадбирларида иштирок этган мамлакатнинг турли таълим муассасаларида таҳсил олувчи 100 нафар талабани озод этиш ҳақида қарор қабул қилган эди.