17 июнь куни Москвада Поклонная горадаги ёдгорлик масжиди биноси ёнида кечки пайт “Рамазон чодири”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Рамазон ойи бошланиши муносабати билан мусулмонларнинг йирик хайрия ва маданий-маърифий лойиҳасининг очилишида Россия президенти маъмурияти, Москва ҳокимияти ҳамда анъанавий динлар вакиллари иштирок этишди.

“Рамазон чодири” ҳамма учун – мусулмонлар учун ҳам, мусулмонлар бўлмаганлар учун ҳам очилган. Биз сизни ҳар куни меҳмонда кўришдан хурсанд бўламиз!”, деб ёзди Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнутдин “Рамазон чодири”га ташриф буюрган барча меҳмонларга улашилган “Рўзадор кундалиги” брошюрасида.

Равил Ғайнутдин Рамазон ойида ҳар қандай жанговор ҳаракатлар, тартибсизлик, жанжаллар ман қилиниши эслатиб ўтди. “Бу кунларда Тангрига қалбимизни очиб, ўзимизнинг энг яхши сифатларимизни намоён қилишимиз, гиналарни унутишимиз, муҳтожларга ёрдам беришимиз, жамоа ҳолида ифторликлар ўтказишимиз, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашимиз, раҳмдилроқ бўлишимиз лозим”, деб айтди Ғайнутдин.

Москва Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари, Москва жомеъ масжиди имом хатиби Элдор Оловиддинов маросимга йиғилганларни қаршилаб, барчани “куннинг ёруғ қисмида нафақат егулик ва ичимликдан қайтишга, балки руҳан бойиш ва маънавий камолотга эришишга интилишга” чақирди.