Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тегишли “Ўзэкспомарказ” АЖнинг 38,3 фоиз акцияларини хорижий инвесторларга сотишни режалаштирмоқда.

Бу ҳолат Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзида тутилган.

Ўзэкспомарказ 44,6 гектар ҳудудни эгаллаб, 14 минг квадрат метр майдонга эга 4та павильон ва 7 минг квадрат метрга яқин очиқ кўргазма майдонларини ўз ичига олади.

Кўргазмалар мажмуаси ҳудудида ҳар йили 50дан ортиқ халқаро кўргазмалар ташкил этилиб, уларда Европа, Осиё, Америка ва Океаниянинг бир қатор давлатларидан 3 мингдан зиёдроқ фирма ва ташкилотлар иштирок этади.

“Ўзэкспомарказ” кўргазма павильонлари, Аквапарк, “Тошкентленд” кўнгилочар боғи, Япон боғи, канат йўли, 7та ресторандан ташкил топган. Унинг ҳудудида “Экспо” меҳмонхонаси ва Халқаро савдо маркази жойлашган.

Маълум бўлишича, хорижий ҳамкорга Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тегишли яна бир тузилма – “Халқаро бизнес маркази” АЖ нинг 29,9 фоиз акцияси ҳам таклиф этилди.