Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлигида Хитойнинг Шанхай университети делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида олий таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорлик, Шайхан университети ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда www.edu.uz.

Шанхай университети механика ва машинасозлик, архитектура, дизайн ва қурилиш, ахборот технологиялари ва аниқ фанлар йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайдиган Хитойнинг энг йирик олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Шанхай университети таркибига Шанхай ҳамкорлик ташкилоти жамоатчилик дипломатияси институти киради. Бу институтда 2013 йилдан Марказий Осиё тадқиқотлари маркази, жумладан, Ўзбекистон тадқиқотлари маркази фаолият юритиб келмоқда. Бу институт яқин орада “Марказий Осиё давлатларида иқтисодиётнинг мустақилликка эришилгандан кейинги ривожланиши” мавзусида халқаро анжуман ўтказишни режалаштирмоқда. Хитой бу анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистонни ҳам таклиф қилган.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда чет тилларни ўрганиш тизимида хитой тили алоҳида ўрин эгаллаши таъкидлаб ўтилди. Самарқанд чет тиллар давлат институтида Конфуций институти муваффақиятли тарзда фаолият юритишни бошлади, бу ерда хитой тилидан таълим берилади.

Айни пайтда Шанхай университетида Ўзбекистоннинг 6 нафар фуқароси таълим олмоқда. Университет бу кўрсаткич юқори бўлишидан манфаатдорлиги ва Ўзбекистондан хитой тили ўқитувчиларини иложи борича кўпроқ миқдорда малака оширишга қабул қилишга тайёр эканлиги билдирилди.