Айни вақтда Ўзбекистонда 600 минг атрофида ногирон истиқомат қилмоқда. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари борасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида ОАВга вазирлик томонидан Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 600 минг нафарга яқин ногиронларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Ногиронларни реабилитация қилиш мақсадида вазирлик тизимида 11та марказ фаолият юритмоқда. Ҳар йили бундай тиббий муассасаларда 17,5 мингдан зиёд ногиронлар реабилитациядан ўтказилади.

2015 йилнинг 1 июнь кунига қадар 2971 нафар ногирон реабилитация техник анжомлари билан таъминланди, булардан 948 нафарига ногиронлар аравачаси, 561 нафарига эшитиш мосламалари, 491 нафарига қўлтиқ таёқ, 971 нафарига ҳасса таёқлар берилган.

Имкониятлари чекланган болалар учун Фарғона ва Тошкент шаҳарларида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари фаолият юритмоқда.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфидаги «Мурувват» ва «Саховат» уйлари уруш қатнашчилари ҳамда боқувчисини йўқотган кекса ногиронларнинг жисмонан ва руҳан соғлиқлари тикланишида хизмат қилмоқда.