Бокс бўйича ўта оғир вазн тоифасида WBA версияси бўйича жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик 36 ёшли боксчи Руслан Чагаев Педро Диас билан машғулотлардан кейин яна ўзини ёш йигитлардек кучга тўлиб тошаётгандек ҳис қилмоқда. Майамида 8 ҳафталик тайёргарликдан кейин ғарбда “Оқ Тайсон” деб ном олган Чагаев ҳозирда Гамбургда машғулотларни давом эттирмоқда. Чагаев 11 июлда Германиянинг Магдебург шаҳрида италиялик Франческо Пианетага қарши ўтказадиган жангга ажойиб спорт формасида келаётгани айтди.

“Мен ўзимнинг энг яхши формамга эришдим. Мен ўзимни 10 йилдан бери бундай яхши ҳис қилмагандим. Жангни сабрсизлик билан кутмоқдаман. Деярли бир йиллик танаффусдан кейин мен мухлисларга нимага қодирлигимни кўрсатишга ошиқяпман. Франческо Пианетага раҳмим келмоқда, чунки у фаолиятимдаги энг яхши даврда менга қарши рингга тушади. Унда мени ютишга ҳеч қандай имконият йўқ. У ҳаттоки зарба олганини ҳам тушунолмай қолади”, деб айтмоқда Руслан Чагаев.