Сирдарё вилоятида уй тагидан мезозой даврига тегишли динозавр қолдиқлари топилди.

География ўқитувчиси Муҳайё Мирзалиеванинг оиласи ўзининг эски уйини таъмирлаётган пайтда уй тагидан номаълум ҳайвоннинг яхши сақланиб қолган суяклари топилди.

Муҳайё Мирзалиева номаълум жонзотнинг суякларини оҳисталик билан йиғиштириб олди ва суякларни вилоят ўлкашунослик музейига топширди.

Музей ходимлари суякларни тиклагач, уни олим Боймирза Ўроқовга кўрсатганларида, олим бу суяклар мезозой эрасининг триас даврига мансуб сут эмизувчи ҳайвонга тегишли эканлиги ҳақида хулоса чиқарди.

Шу тариқа 100 миллионлаб йил аввал бу ҳудудларда динозаврлар яшагани маълум бўлди.

“Суякларни археолог олимлар томонидан батафсил ўрганиш режалаштирилган. Бу нафақат музей учун, балки бутун вилоятимиз учун катта воқеа бўлди”, деб айтди ўлкашунослик музейи директори Зокир Холдаров.