Тадбиркор Олег Тиньков артистларнинг ўлимига матбуот томонидан катта эътибор берилаётганидан норозилигини билдирди. Бу ҳақда у фейсбукдаги саҳифасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“12 июнда президент ҳукумат мукофотлари билан нафақат артист ёки академикларни, балки ишбилармонларни ҳам тақдирлаши керак. “Яндекс”нинг ёш ва буюк ихтирочиси ҳамда инсонларнинг ҳаётини яхшилаган Илья Сегаловичнинг саратондан вафот этиши ҳам ҳозирда оддий, ўртамиёна қўшиқчи ва артистканинг ўлими каби барча давлат каналларида уч кун мобайнида шундай баралла муҳокама этилсин”, деб ёзмоқда Тиньков.

Тиньков “оддий, ўртамиёна қўшиқчи ва артистка” деб 16 июнда 41 ёшида бош мия саратонидан вафот этган қўшиқчи Жанна Фрискени назарда тутмоқда. Оламдан кўз юмган хонанда билан видолашгани 17 июнь куни “Крокус Сити Холл”га камида 3 минг киши келди.