Таиланднинг шарқида фил ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлди ва яна бир киши жароҳат олди. Бу ҳақда 17 июнь куни мамлакат полицияси маълум қилди.

Нохуш воқеа Паттайидан 100 км жануброқда жойлашган Таиланднинг шарқий соҳилидаги Районг вилоятининг курорт зонасидаги ресторанлардан бирида содир бўлди. Фил эгаси маҳаллий ва хорижий сайёҳларга филни пулга овқатлантириш имкониятини бериб, пул ишлаш билан шуғулланган, деб хабар берилмоқда “Кхом Чат Лик” газетасининг интернет-версиясида.

Фил эгаси ресторанда овқатланиб ўтирган эркаклар ёнидан ўта туриб уларга банан сотиб олиб филга беришни таклиф қилган. Эркаклар буни рад этишган. Шу он пляж ёнидаги йўлдан бирданига баланд мусиқа овози янграб қолган. Бу реклама ролиги ёзуви ёқилган ҳолда шу ердан ўтиб кетаётган реклама автомобилидан янграётган мусиқа бўлган.

Фил кескин ва баланд мусиқа товушидан чўчиб кетиб, эркакларга ҳужум қилиб, улардан бирини тишлари билан қорнига, иккинчисининг эса кўкрак соҳасига оёғи билан зарба берган.

Иккала эркак шифохонага етказилган. “Франс Пресс” ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, фил кўкрак соҳасига зарба берган эркак вафот этган.

Фил эгасига ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш қонунини бузганлик, ўлимга олиб келган масъулиятсизлик бўйича айбловлар эълон қилинди.