Туркманистонда жисмоний шахсларга мамлакат ҳудудига сигаретлар ва спиртли ичимликлар олиб кириш қоидалари кучайтирилди, деб хабар бермоқда “Туркманистон салномаси” нашри.

Туркманистонга кираётган мамлакат фуқаролари ва хорижликлар эндиликда ўзлари билан фақатгина икки пачка сигарет ва бир литр спиртли ичимлик олиб ўтишлари мумкин.

Май ойида Туркманистонга 10 пачка сигарет ва 5 литр спиртли ичимлик олиб кириш мумкин эди. Одамлар хорижий аэропортларда, жумладан Истанбулда “Duty Free” дўконлари тармоғидан бу маҳсулотлардан харид қилиб, бемалол Туркманистонга олиб кира олишарди.

Бу хориждан майда партиядаги маҳсулотлар олиб кирувчилар учун қўшимча пул топиш манбаи ҳам эди.

Ашхобод аэропортида бу чекловлар ҳақида ҳеч қандай эълон ва огоҳлантиришлар ҳам қилинмаган ва бу чеклов амал қилишни бошлаган дастлабки кунларда аввалгидек миқдорда сигарет ва спиртли ичимликлар олиб кираётганлардан улар мусодараа қилинган.

Бунинг оқибатида мамлакатда сигарет нархлари кўтарилиб кетди.